Ҳиндистон фармацевтика компаниялари 1 июндан бошлаб давлат лабораторияларида йўтал сироплари сифатини текшириши шарт. Бу ҳақда мамлакат ташқи савдо бош бошқармаси буйруғига таяниб, Reuters хабар берди.
Экспорт учун мўлжалланган йўтал сиропларига мажбурий тест жорий этилади. Қарор Гамбия ва Ўзбекистонда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган препаратларни қабул қилган 20 нафардан ортиқ болалар ўлимидан сўнг Ҳиндистон расмийлари томонидан қабул қилинган.
“Йўтал сиропининг экспорти 2023 йил 1 июндан бошлаб экспорт намуналарини синовдан ўтказиш ва айрим давлат лабораторияларида сертификат олиш шарти билан рухсат этилади”, — дейилади ҳужжатда.
Ҳиндистон 2022-2023 молиявий йилда (1 апрелда якунланган) 17,6 миллиард долларлик йўталга қарши сиропларини экспорт қилган. Препаратлар Африка, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Непал ва бошқа мамлакатларга етказиб берилади.
Март ойида Ҳиндистон сифатсиз дори ишлаб чиқарувчиларга қарши кураш доирасида 18 фармацевтика компаниясининг лицензияларини бекор қилган. Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган препаратлар туфайли дунё бўйлаб ўлим ва касаллик ҳақидаги хабарлар фонида расмийлар республиканинг 20 штатида текширув ўтказган.
Нега Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дорилар хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда?
Ҳиндистон ривожланаётган мамлакатларнинг тиббий эҳтиёжларининг катта қисмини қондирадиган умумий дори воситаларининг дунёдаги энг йирик экспортчиси ҳисобланади.
Аммо сўнгги ойларда кўплаб ҳинд фирмалари ўз дори-дармонларининг сифати учун текширувдан ўтмоқда ва мутахассислар ушбу препаратларнинг ишлаб чиқариш амалиётидан ташвишланмоқда.
Октябрь ойида ЖССТ глобал огоҳлантиришни эълон қилган ва Маiden Pharmaseuticals томонидан ишлаб чиқарилган тўртта йўтал сиропи Гамбияда буйрак шикастланишидан 66 боланинг ўлимига олиб келганини айтган.
Ҳиндистон ҳукумати ҳам, Маiden Pharmaseuticals компанияси ҳам бу айбловларни рад этган.
Март ойида Ҳиндистон йўтал сироплари Ўзбекистонда болаларнинг ўлимига алоқадор бўлган фирманинг ишлаб чиқариш лицензиясини бекор қилган.