Энди сигаретни доналаб сотиш мумкин эмас

“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–844-сон, 24.05.2023 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қуйидаги ҳолатларда реализация қилиш (сотиш, сотиб олиш ва ҳ.з.) тақиқланади:

21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан;

сотувчининг бевосита иштирокисиз, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш токчаларидан, электрон тижорат шаклида;

сайёр савдо қилиш йўли билан, кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда;

болаларга мўлжалланган товарлар сотиладиган хоналарда;

болалар ўйинчоқларига, конфетларга ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб ишланган бўлса;

соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида;

таълим, спорт ва диний ташкилотлардан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида;

яроқлилик муддати ўтганда, маҳсулот сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларсиз;

доналаб ёки очилган (яхлитлиги бузилган) истеъмол ўровида – (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан.

Алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади.

Чилим чекиш учун махсус ажратилган жойлар фақат чилим бериш бўйича хизматлар кўрсатиладиган,вентиляция тизимлари билан жиҳозланган алоҳида ажратилган бинолар, иншоотлар ва объектларда ташкил этилиши мумкин.

Алкоголь маҳсулотларининг истеъмол идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.