Hanke’s Annual Misery Index (HAMI) 2022 йил учун дунёнинг энг бахтли ва бахтсиз мамлакатлари рўйхатини эълон қилди. Ўзбекистоннинг ҳам ўрни маълум бўлди.
Тадқиқотчилар рейтингни ишсизлик даражаси, инфляция ва банк кредитлари ставкалари йиғиндиси, аҳоли жон бошига реал ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш фоизи каби кўрсаткичларга асослаб тузган.
Қашшоқлик индексининг бу йилги рўйхатидан 157 та давлат ўрин олган. Унга кўра, Зимбабве давлати аҳолиси дунёда энг бахтсиз деб баҳоланган. Бунга сабаб сифатида эса юқори инфляция даражаси келтирилган. Мамлакатда 2020 йил 319 фоизлик гиперинфляция кузатилган. Зимбабвенинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 20,2 миллиард долларга тенг бўлган. Бу бўйича жаҳонда 129 ўринда туради.
Зимбабведан кейинги ўринларда Венесуэла, Сурия, Ливан, Судан, Аргентина, Яман, Украина, Куба ва Туркия каби мамлакатлар энг бахтсиз давлатларнинг ўнлигини ташкил этган.
Ўзбекистон эса рўйхатнинг 46-поғонасида жойлашиб, мамлакатнинг бахтсизлик индекси 44,4 га баҳоланган. Давлатнинг бахтсизлик даражасига энг кўп таъсир қилувчи омил cифатида банк кредит ставкасининг юқорилиги кўрсатилган.
Марказий Осиёнинг яна бир давлати Қозоғистон 47-ўриндан жой эгаллади. Мамлакатнинг асосий муаммоси инфляциянинг юқори кўрсаткичи экани қайд этилган. Қирғизистон рўйхатнинг 57-ўрнида қайд этилиб, қўшни давлатнинг асосий муаммоси ҳам банк фоиз ставкасининг юқорилиги маълум қилинган.