Флорида губернатори АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйди

Флорида губернатори Республикачилар партиясидан номзод ҳисобланиб, у АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг жиддий рақибидир.

Флорида губернатори Рон ДеСантис Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашда иштирок этишини расман эълон қилди.


ДеСантис бу ҳақда АҚШ Федерал сайлов комиссиясига ариза топширди.


44 ёшли ДеСантис 2019 йилдан буён Флорида губернатори лавозимида ишлаб келяпти. Бунгача у 2013 йилдан 2018 йилгача ушбу штатдан АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг аъзоси бўлган. У бошқа республикачи номзодлар ичида собиқ президент Доналд Трампнинг энг жиддий рақиби ҳисобланади.


Шуни алоҳида таъкидлаш  жоизки, Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун бир неча киши рақобатлашмоқчи эканини аллақачон эълон қилган, жумладан Трампнинг ўзи, Жанубий Каролина штатидан республикачи сенатор Тим Скотт, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейли, Арканзас штатининг собиқ губернатори Аса Ҳатчинсон ва тадбиркорлар Вивек Рамасвами, Перри Жонсон, шунингдек, радио бошловчиси Ларри Элдер.


Ҳозирча Демократик партиядан президентлик праймеризларида иштирок этиш учун АҚШ президенти, 80 ёшли Жо Байден, кенжа Жон Кеннеди ва ёзувчи Марианна Уилямсон номзодини қўйган.


ДеСантис республикачилар орасида жуда машҳур. У Йел ва Ҳарвард университетларини тугатган ва малакаси бўйича ҳуқуқшунос. 2004-2019 йилларда у АҚШ денгиз флотида хизмат қилган.

АҚШ президентлик сайлови 2024 йилда ўтказилади.