Ҳиндистонда йўтал сироплари текшируви кучайтирилди

Ўтган 2022 йили Гамбияда 70, Ўзбекистондаги камида 20 нафар бола ўлимига айнан Ҳиндистондаги хусусий фармацевтика компанияларида тайёрланган йўтал сироплари сабабчи бўлгани тасдиқланганидан кейин Ҳиндистон ҳукумати экспортдан олдин йўтал сиропларини тестдан ўтказиш бўйича қарор чиқарди.

Шу йил 1 июнидан бошлаб экспортга чиқариладиган барча йўтал сироплари намуналари давлат лабораториясидан текшириб кўрилганини тасдиқлайдиган сертификатга эга бўлиши шарт.

Ҳиндистон тиббиёт вазирлиги қўшимча еттита федерал ҳукумат лабораторияси ташкил этилганини хабар қилди.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ҳиндистоннинг уч фармацевтика компанияси йўтал сиропларида заҳарлар топилганини тасдиқлади, бу мамлакат фармацевтика индустриясига кучли зарба бўлди, дунёнинг кўп мамлакатлари Ҳиндистон таблетка ва сиропларини йиғиб олиб йўқ қилди.

Гамбиядаги хавотирли хабарлар 2022 йилнинг октябрида тарқалган эди.
Ўзбекистонда эса 2023 йилнинг дастлабки кунларида 20 бола заҳарли дорилар оқибатида ҳаётдан кўз юмгани аниқланди.
Ўзбекистондаги болалар ўлимлари хабарлари тарқалганидан кейин Ҳиндистон Соғликни сақлаш вазирлиги Marion Biotech компаниясининг дори-дармон ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатган, Уттар-Прадеш штати ширкатнинг лицензиясини қайтариб олди.

Индонезияда ҳам йўтал сиропларидан болалар ўлимлари кузатилди, лекин бу сироплар Индонезия фармацевтика ширкатларида ишлаб чиқарилган ва бу сироплар таркибида қўлланилган моддалар этилен гликоль ва диэтилен гликоль ўлимга сабаб деб топилди.

Энди Ҳиндистон ҳукумати ҳам фармацевтика саноати сиёсатини ва ҳам дори-дармонлар таркибида ишлатиладиган хомашё моддалар текширувини ўзгартиришга қарор қилди.