Энди “свет” ва газни ўғирлаб ишлатаётганлар ҳақида хабар берганлар мукофотланади

Ёқилғи-энергия соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича фото ва видео хабар бериш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Президент фармонида маълум қилинди.

Фармонга кўра, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини тўлиқ жорий этиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга барҳам беришнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Шу жумладан, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг интернетдаги махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ёки видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Энергетика вазирлигининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар, видеоёзувлар ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Қонун бузилиши аниқланганда, прокуратура органлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахсларга қонун бузилишини зудлик билан бартараф этиш тўғрисида талабнома киритилади.

Шунингдек, Ўзенергоинспекция фаолиятига “Энергоназорат” платформаси ҳамда унинг мобил иловасининг синов версияси 2024 йил 1 мартгача тажриба тариқасида Қашқадарё вилоятида, 2024 йил 1 октябргача тўлиқ версияси жорий этилади.