Тошкентда 15 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилган йигитга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Тошкентда 15 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилган йигитга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа ўтган йилнинг кузида юз берган. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2023 йил 13 апрелдаги ҳукми билан 20 ёшли йигит Ш.Х. вояга етмаган қиз — 2007 йилда туғилган Д.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари унга қуйидаги тақиқлар юклатилган:

кафе, бар, ресторан ва бошқа кўнгилочар жойларга бормаслик;
оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарига чиқмаслик;
жабрланувчи Д.Ш. билан кўришмаслик ва ҳар қандай усулда у билан суҳбатлашмаслик;
алкоголи ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юклатилган.

Чилонзор туман прокуратураси томонидан келтирилган протестга асосан ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг апелляция инстациясида кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2023 йил 13 апрелдаги ҳукми ўзгартирилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 майдаги ажрими кўра Х. Ш. зиммасига 13 апрелдаги суд ҳукми ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш, иш ҳамда ўқиш жойини ўзгартирмаслик, интернетдан фойдаланилмаслик каби тақиқлар (чеклашлар) қўшимча равишда юклатилган.

Хабарда келтилишича, Жиноят кодексининг 13-моддаси (қонуннинг вақт бўйича амал қилиши) нинг талабига кўра Ш.Х. га Жиноят кодексининг 2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган 128-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинланган.