Блогер Дониёр Қаюмов ўзининг Instagram саҳифасига аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни тарғиб қилувчи видеотасвирни жойлаштирган деб топилди ва суд унга 6 млн сўм жарима белгилади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, блогер бу видеони 2023 йил 20 февраль куни ўзининг Instagram саҳифасига жойлаган. Суд мажлисида у айбига иқрорлигини билдириб, мазкур видеони юклаганидан сўнг 4−5 соат ўтиб ўчириб юборганини айтган.
Шунингдек, бу видеони олишдан мақсад аёлларга тазйиқ ёки зўравонлик кўрсатиш эмаслиги, ҳолат бошқа қайтарилмаслиги, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраб, кўрсатув берган.
Бу ҳаракати билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189−1-моддаси (Тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш)да кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган.
Суд МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, модда санкциясида назарда тутилган жарима жазосидан ҳам камроқ жарима жазосини тайинлашни лозим топди (аслида ушбу ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 400 бараваригача жарима белгиланган).
Якунда унга БҲМнинг 20 баравари миқдорида, яъни 6 миллион сўм жарима жазоси тайинланди.