12 ёшли қизни ўлдирган педофил-қотил умрбод озодликдан маҳрум қилинди

Жорий йилнинг 31 январь куни Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг ўлими билан боғлиқ мудҳиш жиноят иши юзасидан суд жараёни якунланди.

Бугун, 2023 йил 26 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида судланувчи А. Т. (1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг раиси А. Жалилов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра А. Т. Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми, 137-моддаси (одам ўғрилаш) 3-қисми «б» банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «в» банди ва 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж», «з», «о» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (рецидив жиноят) 3-қисми «б» бандига асосан А. Т. ўта хавфли рецидивист деб топилиб, унга тайинланган жазо махсус тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 96-моддаси (жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш) га мувофиқ А. Т. га жазони ўташ жойларида алкоголизм ҳамда мураккаб политоксикоманияга қарши даволаш чоралари қўлланилиш белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчининг қонуний вакили ҳукм нусхасини олган кунидан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкинлиги маълум қилинади.