Эрон ва Афғонистон ўртасидаги чегара пости яқинида отишма содир бўлди. Оқибатда икки эронлик чегарачи ва бир “Толибон” жангчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Бир неча киши ҳам жароҳатланган ҳодисага нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас, бироқ бу икки давлат ўртасида сув ҳуқуқлари бўйича кескинлик фонида содир бўлган.
Теҳрон Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматини Ҳилманд дарёсидан Эроннинг қуриб қолган шарқий ҳудудларига сув оқимини чеклаб, 1973 йилда тузилган шартномани бузганликда айблаган, “Толибон” бу айбловни рад этган.
“Бугун Нимроз вилоятида Эрон чегара кучлари Афғонистонга қарата ўт очди, бу эса қарши жавоб билан кутиб олинди. Ҳозир вазият назорат остида. Ислом Амирлиги ўз қўшнилари билан жанг қилишни истамаяпти”, деган “Толибон” Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Нафи Такор.
Унинг сўзларига кўра, ҳар икки томондан бир киши ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланган. Бироқ Эроннинг расмий IRNA ахборот агентлиги икки нафар эронлик чегарачи ҳалок бўлгани ва яна икки Эрон фуқароси яраланганини ёзган. Тўқнашувдан сўнг Эрон ҳукумати йирик савдо ўтиш жойи бўлган “Милак – Заранж” чегара постини ёпиб қўйган.
Эрон полицияси бошлиғи ўринбосари Қосим Ризоий “Толибон” кучлари халқаро қонунлар ва яхши қўшничиликка риоя қилмасдан, “Сасоли” назорат-ўтказиш пунктини ўққа тута бошлаганини, шундан сўнг қатъий жавоб қайтарилганини айтган.
Ўз ўрнида, “Толибон” Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Инаятуллоҳ Ховаразмий Нимроз вилоятидаги Конг туманининг чегара ҳудудларида Эрон аскарлари томонидан отишма бошланганини даъво қилган.
«Афғонистон Ислом Амирлиги ҳар қандай муаммо учун мулоқот ва музокараларни оқилона йўл деб билади. Уруш ва салбий ҳаракатлар учун баҳона топиш томонлардан ҳеч бирининг манфаатига тўғри келмайди», деган “Толибон” вакили.