Сўз эркинлиги бору, сўздан кейинги эркинлик йўқми?

Ижтимоий тармоқларда “AvtoblogUZ” Telegram канали асосчиси Мақсуд Музаффаров ҳамда қашқадарёлик яна бир таниқли блогер Умид Каримов (“Капитан Каримов”) Ички ишлар ходимлари билан тортишгани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мақсуд Музаффаров ўзининг блогида бу бўйича маълум қилиб, воқеа тафсилотлари бўйича қисқача видео жойлаштирди.

Мақсуд Музаффаров ўзининг мурожаатида тезкор хабар кутамиз, деб видеомурожаатини якунлаган. Шундан сўнг у билан ҳам алоқага чиқишнинг имкони бўлмагани ҳақида хабар берилди.

Шунингдек, собиқ депутат, айни пайтда Табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳар икки блогерни танишини, улар жиноятчи эмас, фаол ва талабчан фуқаролар экани ҳақида ёзиб қолдирди.

Расул Кушербаев фуқароларнинг бефарқ бўлмаслиги адолатли, демократик, кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида муҳим эканини таъкидлаган. Бироқ, унинг билдиришича, “амалда фаол бўлиб, бир оғиз савол берган ёки эътироз билдирганларни “ёпиш” тўхтамаяпти”.

“Бу ҳаммани чўчитади. Масалан, қашқадарёлик блогерларни ички ишлар ходимларига эътироз билдиргани ва қонунийликни талаб қилгани учун ИИБ биносига олиб кетиб суд орқали қамашмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Агар шундай бўлса бу даҳшат: янги Конституция, янги Ўзбекистон, деган гаплар шунчаки ҳавода деган хулоса беради. Ўзим шахсан бу икки блогерни танийман. Улар жиноятчи эмас, улар жамиятнинг уйғоқ, фаол, талабчан фуқаролари холос”, деб ёзган у.

Кушербаевнинг ёзишича, ички ишлар ва суд идораларида конституция ва қонун нима эканлигини тушунадиган, шахсий ЭГОсини қондираман, деб мамлакат обрўсини туширмасликни ўйлайдиганлар ҳам бор.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳолат бўйича расмий муносабат билдириб, мазкур блогерларга нисбатан қамоққа олиш жазоси тайинланганини маълум қилди.

Бошқарманинг билдиришича, шу йилнинг 29 май куни тахминан соат 10:20 ларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари “Пиллакашлик” маҳалласининг Пиллакашлик кўчасида 2 та давлат рақамисиз, ойналари тўлиқ қорайтирилган ҳамда рухсатсиз қайта жиҳозланган Гентра автомашиналарга нисбатан ҳужжатларни расмийлаштиришда транспорт воситалари ҳайдовчилари (юқорида исмлари келтирилган блогерлар назарда тутилмоқда) ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан жанжал чиқариб, оммани ўзига қаратган.

Бошқарма томонидан ҳолатга аниқлик киритилиб, уларнинг шахси аниқлангач, фуқаролар А.А., М.М. ва У.К.ларга нисбатан қонунчилик тартиби бузилганлиги ҳолати бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний тўхтамга келишлик учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган.

“Суднинг 2023 йил 29 май кунидаги қарорига биноан фуқаро А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, 125-моддаси 3-қисми, 126-моддаси 1-қисми, 127-моддаси 2-қисми ва 125-моддаси 5-қисми, У.К.га 183-моддаси ҳамда М.М.га 183-моддаси, 126-моддаси 1-қисми, 125-моддаси 5-қисмига асосан, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, дейилади хабарда.

Oлдинроқ ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи блогер Элмурод Одилов пилла пунктида ИИБ ходимлари томонидан ўласи қилиб калтаклангани, шундан сўнг изсиз йўқолгани тўғрисидаги хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси изоҳ бериб, Одилов пилла топшириш масканига боргани, у ерда фермерларнинг ишига аралашиб, уларга турли номуносиб савол-жавоблар қилиши оқибатида жанжал келиб чиққани ва у фермерларни ҳақорат қилганини маълум қилганди. Кейинчалик мазкур блогерга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани хабар қилинди.