Хитойнинг Хунан провинциясида тўрт ёшли бола очиқ соябон билан 26-қаватдан сакради, деб хабар бермоқда Mothership нашри.
Нашрнинг ёзишича, болакай “Том ва Жерри” мултьфильмидаги саҳнадан илҳомланган. У ўйлаб ҳам ўтирмасдан ўша саҳнани такрорлашга қарор қилган. Бола 26-қаватда жойлашган хонадоннинг балконига чиқиб, пастга сакраган. Бу вақтда у уйда ёлғиз бўлган. Ота-онаси ишда, унга қараётган бувиси эса синглисини олиб келиш учун уйдан чиққан эди.
Воқеа жойига етиб келган шифокорлар болада синиш жароҳатлари кўплигини, бироқ унинг ҳаёти хавф остида эмаслигини айтишди. Мўжизага оддийгина изоҳ берилди: боланинг вазни жуда кичик, у аввал дарахтга урилиб, ерга юмшоқроқ йиқилган.
Апрель ойида Қозоғистоннинг Жетису вилоятида саккиз ёшли бола полиэтилен пакетни кўтариб, бешинчи қават деразасидан сакраган эди. Дарахт шохлари сабаб бола ерга юмшоқроқ тушган.
Россиянинг Сахалин вилоятида эса она ва ўғил ёнғиндан қочиб тўртинчи қаватдан сакраган эди. Уларнинг иккиси ҳам омон қолган.