Қорақалпоғистонда тадбиркорлик субъектларидан олинадиган солиқлар 50 фоизга камайтирилиши мумкин

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлиси кун тартиби доирасида муҳокама қилинадиган қонунлар ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.


Қайд этилишича, қўмита аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга эътибор қаратган.

Қонун билан Солиқ кодексига Қорақалпоғистон Республикасининг тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғини 2028 йил 1 январга қадар 50 фоизга камайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланмоқда, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ эса шаҳарлар ҳудудида фаолиятни амалга ошираётган шахслар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолиятни амалга ошираётган шахслар учун 6 бараварга камайтирилмоқда ҳамда йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланмоқда.

Бундан ташқари, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) 2027 йил 1-октябрга қадар консуллик йиғимини ҳамда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун ундириладиган давлат божини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Тақдим этилаётган имтиёзлар ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини ва янги соҳа ва тармоқларни яратиш, пировардида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, таълим жараёнларини жаҳон андозаларига мос равишда олиб бориш, янги педагогик технологияларни миллий таълим тизимига интеграция қилишда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.