Жорий йил 1 июнь куни Фанлар академиясида янгиланган ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида илк бор чоп этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг тақдимоти ўтказилди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти? Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, тилшунос олимлар ва мутахассислар, вазирлик ва идораларнинг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчилари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
«Ўзбек тилининг изоҳли луғати» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20-октябрдаги ПФ–6084-сон Фармони билан тасдиқланган 2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020 – 2022 йилларда амалга ошириш дастурига асосан илк бор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланган ва 6 жилддан иборат.
Изоҳли луғат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида тайёрланган.
Изоҳли луғатдан ҳозирги ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминлар, бир неча шевада қўлланадиган сўзлар, баъзи тарихий ва эскирган атамалар ўрин олган.
2020 йилда нашр этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» кирил ёзувида 5 жилддан иборат бўлган бўлса, бу нашр 6 жилддан иборат ва унга 5 000 га яқин янги сўз киритилди.
Изоҳли луғатнинг дастлабки жилдларини тайёрлашда марҳум олимлар – академик Азим Ҳожиев, академик Тўра Мирзаев, академик Эрнис Бегматов бевосита иштирок этган.
Шунингдек, ушбу лойиҳада филология фанлари доктори профессорлар Низомиддин Маҳмудов (раҳбар), Ёрқин Одилов, Дурдона Худойберганова ҳамда филология фанлари номзодлари Абдуваҳоб Мадвалиев, Феруза Мусаева, шунингдек, тажрибали муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар ва бошқа мутахассислар иштирок этди.
Барча вилоятларда изоҳли луғатнинг тақдимот тадбирларини ўтказиш режа қилинган.
Шунингдек, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ўзбек халқ сўзлари», «Ўзбек тилининг катта имло луғати», «Ўзбек тили фразеологик луғати», «Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати», «Ўзбек тилининг ўқув имло луғати», «Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати», «Ўзбек халқ паремаларининг синонимик изоҳли луғати», «Нонвойчилик терминларининг изоҳли луғати» китоблари ҳам тайёрланиб, чоп этилди.