Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида бир қатор қонунлар ва масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Ялпи мажлисда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир. Мазкур қонун Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси томонидан кўриб чиқилган. Ялпи мажлисда сенаторлар қонун юзасидан саволлар бериб, уларга жавоб олишди.
Толибжон Мадумаров, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, хабарнома тўлдириш, хабар бериш махсус бўлинмалар томонидан ўрганиш 1 иш куни ёки одоб-аҳлоқ комиссияларига тақдим этиш, ўрганиб чиқиш 3 иш куни деб белгиланмоқда. Бундан ташқари, қонунни қабул қилиш муносабати билан манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлик учун мансабдор шахснинг ўз вазифаларини тартибга солмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 15 бараваригача жарима жазоси белгиланмоқда. Бундай маъмурий баённома тузиш ваколати эса қонун билан Коррупцияга қаршу кураш агентлигига берилмоқда. Шу ерда савол туғиладики, назарда тутилаётган муддатлар жуда қисқа эмасми, кейинчалик амалиётда муаммолар келиб чиқмайдими? Шунингдек, назарда тутилаётган жарима миқдори нимага асосланиб белгиланган?
Олий Мажлис Сенати аъзоси Толибжон Мадумаров.
Алишер Каримов, адлия вазири ўринбосари:
— Ушбу қисқа муддатларни белгилашда иккита сабаб бор. Биринчиси, ҳозирги кунда айрим давлат хизматларини кўрсатишда ҳам шундай қисқа муддатлар яъни 3 иш куни, 5 иш куни этиб белгиланган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қонуннинг асосий мақсади келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва коррупция ҳолатига йўл қўймаслик бўйича тезкор чораларни кўриш саналади. Масалан, давлат органининг масъул ходими иш юритувига яқин қариндоши томонидан мурожаат келиб тушадиган бўлса, ходим ҳолатдан хабар топган пайтдан бошлаб бир иш куни ичида ўзининг бевосита раҳбарига ёки коррупцига қарши кураш бўлимига хабар бериши лозим бўлади. Иккинчи саволга келсак, жарима миқдорини белгилашда қандай мезонларга асослангани ҳақида маълумот берадиган бўлсак, хорижий тажрибага кўра, Россия Федерациясида манфаатлар тўқнашуви ҳолати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик учун 420 минг сўмдан 4 млн сўмгач, Молдовада 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача, Украинада 524 минг сўмдан 5 млн сўмгача жарима белгиланган. Бундан ташқари, амалдаги маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган ҳуқуқбузарликлар бўйича санкцияларни инобатга олинди. Мисол учун, кодекснинг 49-моддасида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш масаласида ёки бўлмаса божхона чегарасини кесиб ўтганда товарлар ёки транспорт воситалари тўғрисида божхона органига хабар бериш тартибини бузганлик учун ҳам ва қатор бошқа моддаларда шу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, жарималар миқдори бир хил диапазонда белгиланганини кўриш мумкин.