ЖССТ маълумотига кўра, бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши дунёда эрта ўлим сабаблари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Хусусан, ишемик инсультга чалинганларнинг катта қисми ҳаётдан кўз юмиши ёки умрбод ногиронликка маҳкум бўлиши ачинарли ҳолат.
Бироқ 2030 йилга келиб, ушбу касалликдан ўлим ҳолатлари икки баробар ортиши мумкин. Хитой олимлари «Global Health Data Exchange» маълумотларини таҳлил қилиш асносида шундай хулосага келди.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришча, 2019 йилда инсульт оқибатида 3,29 миллион киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, 2030 йилда бу кўрсаткич 6,4 миллион нафарга етади.
Вазиятнинг бундай ёмонлашувига чекиш, тўйиб овқатланмаслик, буйраклар фаолияти бузилиши, семириш, юқори қон босими, қонда холестерин ва глюкоза миқдори ортиши, сайёрамиз аҳолиси сони кўпайиши каби омиллар сабаб бўлади.
‼️«Албатта, бу прогноз жуда хавотирли. Аммо инсоният ишемик инсультнинг олдини олишга қодир. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш энг оқилона ва самарали профилактик чора» — дейди тадқиқот муаллифи Лизе Сюн.