4 июнь куни Сергели тумани Жунариқ маҳалласидаги 9 та хонадон ва 3 та ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудига сув тошиши кузатилди.
ҳолат Тошкент шаҳар Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан ўрганилган ва бартараф этишга киришилган. Тегишли хизматлар томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида сув тошқини тўлиқ бартараф этилган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 9 та махсус техника, 7 та сув тортиш мосламаси, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонасидан 2 та водовоз ҳамда Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасидан 2 та водовоз жалб этилган.
Аниқланишича, ҳолат Тошкент вилояти Бўзсув ирригация тизимлари бошқармаси томонидан Тошкент шаҳар Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармасини огоҳлантирмасдан Жунариқ маҳалласидан оқиб ўтувчи Жун каналининг ҳамда Чилонзор тумани Сеул кўчасидаги Бўрижар каналининг сув олиш иншоотлари номаълум сабабларга кўра ёпилгани ҳамда Салар каналига тўлиқ сув очилганлиги оқибатида юзага келган, дейилади расмий маълумотда.