Президент Қарорига асосан 2023-йил 1-июлга қадар умумий овқатланиш соҳасида озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлишини камайтириш ва ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида “Оқилона истеъмол” дастури ишлаб чиқилади.
Ушбу дастурда қуйидагилар назарда тутилади:
давлат органлари томонидан ташкил этиладиган тадбирларда озиқ-овқат истеъмолининг оқилона меъёрини белгилаш, ортиқча истеъмолни камайтириш, шу жумладан бир шахсга бир марталик овқатланиш меъёрини белгилаш;
умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан масъулиятини ошириш;
аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш ва ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш ҳамда меъёридан ортиқ истеъмолни тарғиб қилишни чеклаш;
исрофгарчиликка йўл қўйган шахсларга молиявий чоралар қўллаш ва назорат механизмларини ўрнатиш.