Қашқадарё вилояти Косон туманида 27 ёшли келиннинг жасади топилди. “Миллар” дастурида ҳолат юзасидан маълумот берилди.
Маълум қилинишича, Косон тумани “Бешқўтан” маҳалласи, Бешқўтан қишлоғида яшаган, 1996 йилда туғилган аёл 2 июнь куни соат 1:30 ларда уйининг молхонасидаги ёғочга руҳиятида ўзгариш бўлгани сабабли арқон билан ўзини осиб ўлдирган. Бироқ аёлнинг яқинлари у эри томонидан ўлдирилганини айтмоқда.
“Бир куни келганида, онажон, куёвингиз мени ўлдираман, деб айтди. Куёвингиз жуда майдагап, деди. Боламга ишонмабман. Кейин куёвим ўз оғзи билан айтди, қизим ўзини осмоқчи бўлган экан. Қизимдан сўрасам, куёвим алдаётганини айтди. Қизимни ваҳшийларча ўлдирган, ўлигини таҳқирлаган. Ҳамма ерини кўрсангиз, каллалари ишиб, лаблари ишиб кетган. Қизим бўғиб, ваҳшийларча ўлдирилган”, дейди марҳуманинг онаси.
Жасадни кўрган гувоҳларнинг сўзларига кўра, танада кўплаб тан жароҳатлари бўлган. Туман прокуратураси ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилди.