Жинояти учун жазони ўтаб бўлган вояга етмаганлар судланмаган деб топилади – лойиҳа

Қуйи палата депутатлари жиноят содир этган вояга етмаганлар шахсларни улар то 18 ёшга етгунига қадар судланмаган деб топиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилдилар.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритилади. Унга кўра, шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгитдан бошлаши учун имконият берилишини таъминлаш мақсадида вояга етгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Маълумот учун, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.