Ҳодиса шу йилнинг 1 июнь санасида содир бўлди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг 11-синфини битираётган Шоҳрух, Мурод, Озод ва Жасур биринчи имтиҳонни топшириб, шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бири ёнидаги скамейкада ўтириб, суҳбат қилишди.
Тўсатдан улар эътиборини турар-жой биносининг тўртинчи қаватидаги ҳаракат ўзига тортади. Йигитлар боши панжара орасига тиқилиб қолиб, танаси ҳавода осилиб турган кичкина қизчани кўришади.
Ўқувчилардан бири дарҳол қизалоқнинг ота-онасига хабар бериш учун тепа қаватга югуради, қолган учовлон қизалоқ осилиб қолган балкон остида қўлларини чўзиб, тирик қутқарув панжарасини ясашади.
Қизалоқ пастга қулайди. Йигитлар уни тутиб олишга муваффақ бўлишди. Кейинроқ аниқланишича, онаси уй ишлари билан овора бўлиб юрган пайтда, Шукрона эшик қулфи бузилиб қолган балконга чиқиб қолган экан.
Қизалоқ пешонасидан енгил жароҳат олади. Касалхонада ундан йигитлар ҳар куни хабар олиб туришган. Ҳозирда Шукрона ўзини яхши ҳис қиляпти.
Қаҳрамонлар – Шоҳрух Бобораҳимов, Мурод Саидалимов, Озод Ўткиров ва Жасур Эшназаровлар эса мактабда қолган имтиҳонлардан ўтиб, олий ўқув юртига киришга ҳозирлик кўришмоқда.