Жиноят ишлари бўйича Косон туман судида жорий йилнинг апрел ойида 14 ёшли қизини калтаклаган отага оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Олий суд матбуот хизмати хабар беришича, Р. Т. охирги бир йил давомида муттасил равишда ўзининг 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизини ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлаб, уриб-дўппослаб, қийнаб келган.
Суд ҳукмига мувофиқ Р. Т. Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шу йилнинг апрел ойида ижтимоий тармоқларда Косон туманида ота-она вояга етмаган қизни ураётгани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Мазкур ҳолат вояга етмаган қизнинг амакиси томонидан видеотасвирга олиниб, ИИБга хабар берилган.
Зўравон отага нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилганди. Қиз эса маҳалла қарамоғига олиниб, хавфсизлиги таъминлангани, уни васийликка бериш масаласи кўриб чиқилаётгани хабар қилинганди.