Тошкент вилояти Бўка туманида терговга жалб қилинган фуқаро шифохонада вафот этгани хабар қилинганди. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича баёнот эълон қилди.
Унда билдирилишича, Бўка туман ИИБ томонидан терговга жалб қилинган гумонланувчи вафот этгани юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давомида икки нафар тезкор ходим қамоққа олинган.
“Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат юзасидан турли асосланмаган маълумотлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, терговни чалғитувчи, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишингизни сўраб қоламиз”, — дейилади баёнотда.