Оллоқулов ИИБ ходимини жароҳатлади – ИИБ

Фарғона вилоятида “Хақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш учун имзо тўплаш жараёнида Хидирназар Оллоқулов бир нечта тарафдорлари билан икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

ИИБнинг айтишича, шу йилнинг 7 июнь куни соат 09:10 да вилоятнинг Фарғона шаҳридаги “Ислом Каримов” номидаги санъат саройи ҳудудида Хидирназар Оллоқулов “Хақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” деб номланган партиясини тузиш мақсадида имзо тўплаш ишлари олиб борган. Мазкур жараён вақтида Оллоқулов ва бир нечта фуқаролар (шахси аниқланмоқда) ўртасида низоли ҳолат юзага келган.

Бошқарманинг қайд этишича, мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Хидирназар Оллоқуловнинг Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига қилган мурожаати Ички ишлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган.

Шунингдек, ИИО ФМБ биносининг ташқарисида Хидирназар Оллоқулов 1971 йилда туғилган фуқаро М.У. билан ўзаро тушунмовчилик оқибатида жанжаллашиб кетган.

“Гўёки унинг имзо йиғиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аралашув бўлаётганлигини асоссиз важ қилиб, шаҳар ИИО ФМБ ҳудудига қайтиб кириб, Ички ишлар органлари ходимлари билан жанжал уюштирган. ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан, фукаро Хидирназар Оллоқулов ўз тарафдорлари А.Ш. ва Т.Ш. билан фаол қаршилик кўрсатиб, ўз хизмат вазифасини бажараётган икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказган”, дейилади хабарда.

Баёнотда ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган. Бироқ Хидирназар Оллоқулов ва унинг тарафдорлари ИИБ ходимларига айнан қандай тан жароҳати етказган, суд-тиббий экспертизаси тайинланган ё йўқлиги, ходимларнинг ҳозирги аҳволи ва жароҳатлари ҳақида маълумот берилмаган.

Маълумот учун, Хидирназар Оллоқулов Сурхондарё вилоятида туғилган. У иқтисодчи олим, иқтисод фанлари доктори, профессор, доцент ҳисобланади. 2002 йилнинг майидан 2004 йилнинг июнигача Термиз давлат университетининг ректори лавозимида фаолият юритган.

Оллоқулов 2020 йилдаги интервьюлардан бирида Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий аҳволни кескин танқид қилган чиқишидан кейин кенг оммага танилган.