Тошкентдаги мактабда дарахтлар кесиб ташланди

Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек тумани 171-умумтаълим мактабидаги дарахтлар кесилганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, ҳозирда мазкур ҳолатни Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ўрганилаётганини маълум қилган.

Кузатув камераларидаги тасвирларни ўрганиш давомида маълум бўлишича, дарахтлар 28 май куни мактабга туташ ҳудудни эгаллаган гараж хўжалиги вакили томонидан кесилган. Эълон қилинган суратда тахминан 2 метр бўлган 20 та дарахт устунини кўриш мумкин.

“Ҳозирда ўрганиш давом этмоқда ва унинг натижалари бўйича батафсил маълумотлар эълон қилинади”, дейилади хабарда.