Исломнинг олтин асри даврларида ўзининг ёзган китоблари билан бугунги ҳаётимизга зиё улашаётган Ибн Сино, соғлом турмуш тарзи кечириш учун ўз тавсияларини берган. Агар сиз узоқ умр кўриш учун нималарга аҳамият бериш лозим деётган бўлсангиз, Ибн Синонинг тавсиялари билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Соғлом ва узоқ умр кўриш учун кундалик ҳаёт тарзига ҳамда одатларга диққат қаратиш зарур. Кўпинча истеъмол қиладиган қадоқли маҳсулотларимиз ва тайёр овқатлардан воз кечиш янада соғлом ҳаёт кечиришга, узоқ умр кўришга замин ҳозирлайди.
100 ёшгача яшашни истайдиган кишиларга қуйидагича тавсиялар берилади:
Қарағай ёнғоқлари
Ўзида К витаминини сақловчи ноёб озуқалардан бири бўлган қарағай ёнғоғи юз фалажи билан хасталанган беморларга тавсия қилинади. Қарағай ёнғоғида С витамини ҳам мавжуд бўлиб, фалажликка сабаб бўлувчи ҳужайралар бузилишининг олдини олишда катта ёрдам беради.
Қичитқи ўти
Томоқ ҳамда ўпка шиллиқ қаватида салбий ўзгаришлар юзага келганида инсон нафас олишга қийналади. Бу эса вируслар туфайли шиллиқ қаватларда намлик камайишига сабаб бўлади. Нафас олаётганда юрак сиқилиши ва йўтал ҳолатлари кузатилади. Ибн Сино бунинг олдини олишнинг энг яхши усули қичитқи ўти эканини таъкидлайди.
Қўл тегиши билан терида қичишиш пайдо қилувчи қичитқи ўти қайнатиб ичилса, томоқ ва ўпкадаги намликни меъёрлаштиради. Шунингдек, қичитқи ўти танадаги вирусларнинг ҳужайраларга ёки органларга тарқалишининг олдини олади.
Ловия
Ёш ўтгани сари теридаги ҳужайраларнинг деформацияси ортади, бу эса терининг ёрқинлиги ва жонлилигига салбий таъсир қилади. Ибн Сино бу ҳолатнинг олдини олиш учун болалик давридан бошлаб, мунтазам тартиб асосида ловия истеъмол қилишни тавсия қилади.