Қорақалпоғистонда 27 ёшли уй бекаси ўзини 4-қаватдан ташлаб жонига қасд қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 12 июнь куни соат 06:00ларда М.А. ўзи яшаб келаётган Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйнинг 4-қаватидан қулаб, жонсиз ҳолда топилган.
Нукус шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилаётган терговга қадар текширув давомида М.А.нинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан зарур экспертизалар тайинланган.
Текширишда аниқланган дастлабки маълумотларга кўра, марҳума М.А. фуқаро Б.У. билан 2017 йил январь ойида қонуний турмуш қуриб, никоҳ даврида 2018 ва 2021 йилларда ўғил ва қиз фарзандларни дунёга келтирган.
2022 йил сентябрь ойида эса марҳуманинг 2 нафар эгизак чақалоқлари касалликдан нобуд бўлган. Шундан сўнг аёлнинг руҳиятида ўзгариш (жиззаки, одамови бўлиб қолган) бўлгани сезилган.
Марҳуманинг турмуш ўртоғи Б.У. ўша куни эрталаб соат 05:40 ларда уйқудан турганида турмуш ўртоғи М.А.ни уйда йўқлигини билиб, ташқарига чиққанида уйи ошхонаси деразаси остида ҳушсиз ҳолатда топиб, тез ёрдам ва яқинларига қўнғироқ қилиб хабар берган.