Бугун, 15 июн куни ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги боғларидан бири — Анҳор локомотив паркида аттракциондан одам тушиб кетгани ҳақида видео тарқалди. Аниқланишича, жароҳат олганлар икки киши бўлган.
Маълум бўлишича, воқеа 12 июн куни кеч соат 22:50 ларда содир бўлган. Боғда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари зудлик билан воқеа жойига етиб келиб, тез ёрдам келгунга қадар уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган.
Сўнг фуқаролар Чилонзор туманида жойлашган Республика тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган. Уларни тиббий текширувдан ўтказган врач реаниматолог Шерзод Улуғбековнинг таъкидлашича, 24 ёшли бемор Б.Э.да чап елка суягининг чиқиши, чап сон суяги бошчасининг чиқиши, бош мия ёпиқ жароҳати ташхиси қўйилган.
Беморга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Травматологлар томонидан елка ва сон суяклари жойига солинган.
Иккинчи бемор аёл Т.М.да биринчи ва иккинчи бел умуртқаларининг биринчи даражали компрессион синиши аниқланган. Стандарт асосида тиббий ёрдам кўрсатилгач, иккаласи ҳам нейрохирургия бўлимига ётқилган. Ҳозирда даволаш ишлари давом эттирилмоқда.