Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон бўйича махсус маърузачиси ўзининг янги ҳисоботида ўсмир қизлар орасида депрессия ва ўз жонига қасд қилиш фикрлари кўпайганини маълум қилди. Бу ҳақда “Husht-e Subh Daily” нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, БМТнинг Афғонистон бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннетт ва унинг жамоаси 25 июнь куни афғон аёллари ва қизларига нисбатан камситишларга оид янги ҳисоботини эълон қилган.
Ушбу ҳисоботга кўра, таълимдан четда қолган ўсмир қизлар ўртасида руҳий тушкунлик, ўз жонига қасд қилиш фикрлари кучайган. Бу муаммо билан бирга мажбуран турмушга бериш, бола савдоси каби ҳолатлар ҳам кўпайиб бораётгани айтилган. Шунингдек, камситувчи ва чекловчи муҳит, қўрқув муҳити ва инсон ҳуқуқлари бузилиши олдида жавобгарлик йўқлиги аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни имконсиз қилгани таъкидланган.
“Дунёнинг ҳеч бир бурчагида аёллар ва қизлар ҳуқуқларига Афғонистондаги каби бу қадар кенг, тизимли ва ҳар томонлама ҳужум қилинмаган. Бу аслида “Толибон”нинг 2021 йил августидан бошлаб ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари камайгани ва аёлларнинг руҳий саломатлиги яхшилангани ҳақидаги даъволарига зиддир”, дейди Ричард Беннетт.
Ҳисоботда айтилишича, “Толибон” 2021 йил сентябридан 2023 йил майигача аёлларга қарши 50 дан ортиқ фармон чиқарган. БМТ махсус маърузачисига кўра, “Толибон” фармонлари аёллар ва қизларнинг жамиятда иштирок этиш, асосий хизматлардан фойдаланиш ва пул топиш имкониятларини сезиларли даражада чеклайди.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” Афғонистон устидан ҳукмронлик қилгандан сўнг афғон хотин-қизларига бир қатор чекловларни киритган эди. Афғон аёлларининг БМТ идораларида ишлаши, эркак шифокорларга бориши, тўйхоналар фаолияти, университет ва мактабда таълим олиши, шифохонага ёлғиз бориши ва уларнинг истироҳат боғига бориши тақиқланган. Шунингдек, аёлларга очиқ ҳаводаги ресторанларга кириш ва Рамазон ҳайитида ҳам кўчага чиқиш ман этилганди.