“Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан айрим тадбиркорларлга солиқ имтиёзлари берилади.
Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар қилишича, 19 июнь куни Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, солиқ қонунчилиги талабларини янада соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтириш мақсадида Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, республиканинг 11 та вилоятидаги 47 та “шароити оғир” бўлган туманларда янгидан ташкил этилган ва ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари учун мол-мулк ва ер солиғи солиқ ставкаларини пасайтириш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда жисмоний шахсларга нисбатан ер солиғининг оширилган ставкаси қўлланилишини тўхтатиб туриш белгиланмоқда. Бундан ташқари, электротехника тармоғи корхоналарининг иҳтисослаштирилган марказларини ривожлантириш мақсадида вақтинчалик солиқ имтиёзлари бериш назарда тутилмоқда.
Йиғилишда фракциялар аъзолари қонун лойиҳаси Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш, фуқароларни қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилишини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлади.