Қашқадарё телевидениеси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят прокурорининг фуқаро мурожаатига жавобан йўлланган жавоб хатида маълум қилинган.
Вилоят прокурори имзолаган жавоб хатида ёзилишича, TB мансабдорлари Жиноят кодексининг 167-моддаси “в”, “г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 209-модда 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) билан айбланмоқда.
“Мурожаатингиз юзасидан мутахассислар иштирокида ўтказилган қайта ўрганишда муассасада жами 81 миллион 500 минг сўм муаллифлик ҳақи, иш ҳақи ва бошқа тўловлар ноқонуний тўланиб, бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланди”, — дейилади Қашқадарё прокурорининг мурожаатчи Инобат Абдуллаевга йўллаган жавоб хатида.
Инобат Абдуллаеванинг “Дарё”га қўшимча қилишича, прокуратура аниқлаган 81 миллион 500 минг сўм миқдоридаги гонорар телевидение бош муҳаррири ҳамда бир нафар журналист учун ёзилган ноқонуний гонорар миқдори ҳисобланади.
“Бу ҳали икки кишига ёзилган ноқоунуний гонорар миқдори. Телевидениеда ишлаётганларга ёзилаётган ноқонуний гонорарларни ҳисоб-китоб қилса, қанча миқдордаги бюджет пули ноқонуний тўланганини билиб олиш мумкин. Прокуратура текширув жараёнларини давом эттиришидан, давлат пуллари талон-торож қилинаётганини фош этишидан умидворман”, — дейди журналист.
Журналистнинг аниқлик киритишича, Қашқадарё TBга бир йилда гонорарлар учун бюджетдан 2 миллиард сўм маблағ ажратилади.
“Бош муҳаррир ва директорга яқин инсон бўлсангиз, оддий лавҳангиз ҳам кўрсатув сифатида баҳоланиб, катта миқдорда пул ёзилади. Акси бўлса, яхши кўрсатув ҳам лавҳа сифатида баҳоланиб, кам миқдорда гонорар чиқади. Энг қизиғи бизда интервью берувчига ҳам гонорар ёзилади, лекин ҳеч қачон интервью берувчига пул берилмайди. Хўш, ўша пул кимнинг чўнтагига кетади деб ўйлайсиз? Исбот сифатида сизга Қашқадарё телевидениеси директори имзолаган ва тасдиқлаган гонорарлар жадвалини бераман, ўзингиз, кўриб хулоса чиқарасиз”, — дейди Инобат Абдуллаева.