“Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент Фармони (ПФ–101-сон, 20.06.2023 й.) қабул қилинди
Фармон билан Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари тасдиқланди.
2030 йил якунигача вазирликнинг қуйи (туман) бўғинда сув ресурсларини бошқариш, фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш ҳамда сувнинг ҳисобини юритиш функцияси босқичма-босқич давлат-хусусий шерикликка ўтказилади.
2023 йил сентябргача барча туманларда сув ресурсларини бошқаришни давлат-хусусий шерикликка ўтказиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Фармонга кўра, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номланди.
Инспекция 2023 йил 1 августдан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан самарали фойдаланилиши бўйича ўтказиладиган текширувларни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказмасдан амалга оширади.
Инспекция ер усти сувларидан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини ҳамда сув олиш тартибини бузиш ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, шунингдек, жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаши мумкин.
2025 йил 1 январгача “Рақамли сув хўжалиги” ягона ахборот тизими яратилиб, сув хўжалиги бўйича барча дастурий таъминотлар мазкур тизимга босқичма-босқич интеграция қилинади.