2021 йилда бюджет пулини талон-торож қилган Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг ўша пайтдаги бошлиғи Юсуф Турсунов яна лавозимига қайтган.
Суд ҳукмида келтирилган маълумотларга кўра, Юсуф Турсунов 2019 йилда бошқарма бош ҳисобчиси У.Хафизов, “Paradise System Servise” МЧЖ мансабдор шахслари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 690 дона кўча чироғини сотиб олиш учун (ҳар бирини 1 миллион 204 минг сўмдан) жами 997 миллион 50 минг сўм маблағни жамият ҳисоб рақамига кўчирган.
Экспертиза хулосасига асосан, мазкур турдаги чироқнинг бир донаси 384 минг сўм бўлган. Шу тариқа, кўчирилган пулнинг 264 миллион 960 минг сўмига 690 дона чироқ олинган, 732 миллион сўми эса талон-торож қилинган.
Юсуф Турсунов жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқарма бош ҳисобчиси У.Хафизов, “Immortal Grand Savdo Service”МЧЖ мансабдор шахслари билан тил бириктирган ҳолда иккинчи бор яна шу “услуб”да бюджет маблағини ўмарган. Бу сафар ҳар бири 384 минг сўм бўлган 700 дона “Slatek LED Street Light-200W” кўча чироғи 650 минг сўмдан ҳамда ҳар бирининг донаси 272,2 минг сўм бўлган 650 дона “Energomax EMX-0103/150W” кўча чироғи 480 минг сўмдан сотиб олинган. Талон-торож қилинган сумма эса 321 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.
Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Юсуф Турсунов жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 4 мартдаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 45-моддаси қўлланган ҳолда 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган.
Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 18 августдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмига қисман ўзгартириш киритилиб, Юсуф Турсуновга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси муддати 3 йилдан 2 йил 7 ойга қисқартирилган. Унга тайинланган мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ўзгаришсиз қолган.
Лекин суднинг Юсуф Турсуновни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукми 2021 йил 18 август куни кучга кирганига қарамасдан, у ўзи 2018 йилдан буён эгаллаб келаётган лавозимида қолдирилган.
Бу ҳам камлик қилгандек, Юсуф Турсунов 2021 йилнинг 31 август куни Навоий шаҳар ҳокими Муҳиддин Бозоровнинг фармойишига асосан, мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ойлик маошининг 1 баробари миқдорида рағбатлантирилган.
Навоий шаҳар ҳокимининг 2023 йил 21 июндаги 104-5-79-Q/23 қарори билан Турсунов Юсуф Муфтиллаевич 3 ой синов муддати билан Навоий шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.
Навоийда ноқонуний ҳолатлар биринчиси эмас. Масалан, Қизилтепа ҳокими бир қатор МЧЖларга эгалик қилиши ҳақида ёзгандик. Буни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам тасдиқлаб, вилоят ҳокимига тақдимнома киритганди. Аммо ҳозирча бирор ўзгариш йўқ.