Фарғона вилоятида Қўқон шаҳрида автомашина салонидан 900 АҚШ доллари миқдорида пул ўғирлаган вояга етмаган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Қўқон шаҳрида фуқаро Д.О. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 10 июнь куни номаълум шахс Т.Малик кўчаси олдида қаровсиз қолдирилган Mercedes Sprinter русумли машинаси салонидан 900 АҚШ доллари пуллари йўқолганини маълум қилган. Тезкор-суриштирув ишлари давомида ушбу жиноятни вояга етмаган Ж.И. содир этганлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.