Пригожин Ростовдан кетганидан бери алоқага чиқмаган ва унинг қаерда эканлиги номаълум

Қуролли исёнга уриниш билан боғлиқ вазият ҳал этилиб, Евгений Пригожинга қўйилган айбловлар олиб ташланганидан сўнг, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбарининг ўзи тўсатдан ғойиб бўлди ва ҳозирда унинг қаердалиги ҳақида маълумот йўқ.

Охирги марта уни Ростовни тарк этаётганида кўришган. Шундан кейин Пригожин вазиятга ҳеч қандай изоҳ бермади ва алоқага чиқмади. Бу бир қатор саволларни юзага келтирмоқда.

CNN манбасига кўра, Пригожинни эҳтимолий ўлим кутмоқда.

«Путин хоинларни кечирмайди. Путин Пригожинга Беларусга кетишга рухсат берган тақдирда ҳам, уни сотқин деб ҳисоблайди ва буни қачонлардир кечиришига шубҳа қиламан», – дейди CNNнинг Москвадаги собиқ бюроси раҳбари ва Россия масалалари бўйича эксперт Жилл Догерти.