Чили ҳукумати бир қанча ҳудудларда сув тошқини туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда Чили Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлиги раҳбари Каролина Тоа Twitter’да маълум қилди.
“Биз минглаб ватандошлар ва бутун мамлакатимизга оғир кулфат келтирган ушбу табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларга сафарбар этилганмиз. Ҳар бир юртдошимизни ўзини эҳтиёт қилишга чақирамиз. Ўз вақтида эвакуация қилиш — фавқулодда вазиятда одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг энг асосий йўлидир”, — деди у.
Охирги 30 йилдаги энг катта ҳажмдаги сув тошқинлари кучли ёмғирлар туфайли содир бўлди, бунинг натижасида бир қанча дарёлар тошиб, атрофдаги ҳудудларни сув босди. Ҳозирча маълумотларга кўра, сув тошқинлари оқибатида уч киши бедарак йўқолган. 1000 дан ортиқ одам вақтинчалик яшаш жойларига эвакуация қилинган.
Аввалроқ Чилида 13 йилдан бери давом этаётган қурғоқчилик туфайли сувни ҳар бир одамга чекланган миқдорда тарқатиш режаси эълон қилинган эди.