Дунёнинг икки технологик гиганти, Twitter ва Meta эгалари Илон Маск ҳамда Марк Цукерберг ўртасида қафас жанги ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Италия Маданият вазири Цукерберг билан боғланиб, унга жангни Римдаги Колизей амфитеатрида ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Business Insider” хабар берди.
Қайд этилишича, Италия Маданият вазири билан гаплашгач, Цукерберг унинг таклифини UFC раҳбари Дена Уайтга етказган. Шундан сўнг, Дена Уайтнинг одамлари Италия ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари билан боғланган.
Илон Маскнинг ўзи ҳам Twitter саҳифасида жангнинг Колизейда ўтказилиши мумкинлиги ёзган. Маск, шунингдек, Қуддус колизейидаги жанг тасвирланган машҳур “Monty Python’s Life of Brian” комедик фильмидан лавҳани жойлаб, “бардошим устида ишлашим керак”, деб ёзиб қолдирган. Шунга кўра, кўпчилик Илон Маск мазкур шов-шувли баҳснинг Колизейда ўтказилишига рози бўлганини тахмин қиляпти.
Цукерберг эса Римнинг биринчи ипмператори Октавиан Августнинг фаолиятига қизиқиши ва ҳатто соч турмагини ҳам унга тақлидан ўзгартиргани айтилади.
Ушбу жанг ўтказилиши ҳозирча аниқ эмас. Бироқ, Маскнинг онаси бир-неча бор уни бекор қилишга ҳаракат қилди. Отаси эса, “The Sun” нашрига берган интервьюсида Маскнинг ғалаба қозониш имконияти йўқлигини айтди.
Кейинроқ, 27 июнь куни Twitter тармоғида 52 ёшли миллиардернинг подкастер Лекс Фридман билан машғулот ўтказаётгани акс этган суратлар тарқалди.
Дена Уайтнинг ўзи бунга изоҳ берар экан, икки миллиардер ҳам у билан ярим соатдан телфонда суҳбатлашганидан кейин уларнинг жанг бўйича нияти жиддий эканига амин бўлганини ёзган.
Гарчи Колизей ўз вақтида 80 минггача томошабинни ўз бағрига сиғдира олган бўлсада, ҳозирги кунда тарихий аҳамияти сабаб концерт ва бошқа маданий тадбирлар жуда кам ҳолатда унинг ичида ўтказилади. Мисол учун, 2005 йилда Элтон Жоннинг концерт дастури Колизейда ўтказилганди.
BBC нашрига кўра, шу йил охирида реставрация ишлари якунига етгач, Колизейда йиғиладиган махсус саҳна пайдо бўлади ва шундан кейин бу ерда концерт ва театр томошалари ўтказилишига рухсат берилади.