Россиялик хонанда Григорий Лепс ўзининг Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги концертлари бекор қилинишига муносабат билдирди. Бу ҳақда у “Говорит Москва” радиостанциясига берган интервьюсида гапирди.
Қайд этилишича, Лепс концертларининг бекор қилинишига нисбатан Россия ва “дўст давлатлар”да ишлари етарлича эканини айтган.
“Энди Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқаларсиз қандай яшайман? У ердаги одамларнинг аксарияти мутлақо нормал, баъзилари эса ўта сўл ва жуда ўнг – улар 20 доллардан тўлаган. Айнан улар учун ҳам ҳаракат қилсангиз арзийди. Қолганига келсак, менга барибир. Мен Россияда яшайман. Мен учун бизнинг дўстона давлатларимиз – Жанубий Америка, Малайзия, Туркия ва бошқа мамлакатлардан ташқари дунёнинг деярли барча давлатларига кириш тақиқланган. Мен мутлақо хотиржамман, уйда жуда бахтлиман. Ҳаммаси жойида. Қолаверса, улар ўз мамлакатларининг хўжайини – кимни киритиш ва кимни киритмасликни уларнинг ўзлари ҳал қилади. Лекин бунинг мусиқага алоқаси йўқ. Мусиқа сиёсатдан ҳоли бўлиши керак. Афтидан, улар менинг “махсус операция” бўйича позициям, ватаним учун қиладиган хизматим ва йигитларимизга ёрдам бериш учун амалга ошираётган ишларимдан ғазабланишган. Худо уларга ёр бўлсин. Ҳукмни тарих чиқаради, қолган барча нарса мени безовта қилмайди. Ишимиз бисёр, ватанимизда бизни жуда яхши кутиб олишади, кўрганларидан хурсанд бўлишади. Шубҳасиз, мен ҳам бундан жуда бахтиёрман. Агарда, эртага мен учун дунёнинг ҳамма жойига бориш тақиқланса ҳам, фақат ўз мамлакатимда ишлашимдан фахрланаман ва хурсанд бўламан”, дейди Лепс.