Ўзбекистондаги хизмат ҳақи энг қиммат ҳисобланадиган клипмейкер Наримон Султонхўжаев рафиқаси ва уч нафар фарзандини кўчага ҳайдаб, бунинг устига кам алимент тўлаш учун фирма қоровули сифатида ҳужжат расмийлаштиргани айтилмоқда. Бу ҳақда унинг собиқ рафиқаси Малика Султонхўжаева Instagramдаги саҳифасида сўзлаб берган.
“Изоҳларда сиз Наримон Султонхўжаевнинг хотинимисиз, деб сўраяпсизлар. Биз анчадан бери бирга яшамаяпмиз. 10 йил деганда битта сабаб туфайли улардан кетдим. Ҳозирги пайтда мен уч болам билан кўчада қолдим. Онамларникида яшаяпман. Улар томонидан умуман моддий ёрдам бўлмаяпти. Шу ўринда президентимизга битта саволим бор: Нимага аёл киши уч фарзанди билан ҳам кўчада қолиши мумкин? Яъни онасиникида, акасиникида сарсон бўлиб яшаши мумкин экан. Эркак киши ажрашаётганида рафиқаси ва болаларини уй билан таъминлаши керак, деган қонун йўқ. Фақат алимент ундириш кўзда тутилган. Собиқ турмуш ўртоғим фирмага қоровул сифатида ишга ўтгани тўғрисида маълумотнома тўғрилаб, ҳозирда уч болага 750 минг сўм алимент тўлаб келяпти. Собиқ турмуш ўртоғим Наримон Султонхўжаев бизни уйсиз қолдирди, бунинг устига кам алимент тўлаяпти”, — дейди Малика Султонхўжаева.
Маълумот учун, Наримон Султонхўжаев Маҳмуд Намозов, Муниса Ризаева, Шоҳруҳхон, Лола, Нилуфар Усмонова ҳамда бошқа санъаткорларнинг қўшиқларига клиплар суратга олган. Унинг “Кўза афсонаси”, “Секин-аста”, “Нима қилиш керак?”, “Жани”, “Бўлди” каби қўшиқларга ишланган клиплари томошабинларга манзур бўлган.