Ҳиндистонда юзага келган сув тошқинлари оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди
Шимолий Ҳиндистонда кучли муссон (асосан тропик мамлакатларда содир бўладиган, узоқ муддатли кучли мавсумий ёғингарчилик) ёмғири натижасида юзага келган сув тошқинлари, кўчкилар ва биноларнинг қулаши оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Ёмғир пойтахт Ню-Деҳли ва бир қатор штатларни, жумладан Ҳимачал-Прадеш, Уттаракханд, Панжоб, Ҳаряна, Ражастан ва Жамму ва Кашмирни қамраб олган.
Химачал-Прадеш штатида кучли тўхтовсиз ёғингарчилик беш кишининг фожиали ўлимига сабаб бўлган, Штатнинг Чандертал туманида 200 дан ортиқ маҳаллий аҳоли жабрланган.
Хабар қилинишича, ноқулай об-ҳаво маҳаллаларга, транспорт воситаларига ва турли иншоотларга, жумладан, Манди ва Ларжи туманларидаги 50 йиллик кўприкка жиддий зарар етказган.
Якшанба куни пойтахтда максимал ёғингарчилик қайд этилди. Ню-Деҳли ва бир қанча шаҳар атрофидаги барча мактаблар ёпилди.
Расмийлар хусусий компанияларга сув босган йўлларда тирбандлик юзага келмаслиги учун имкон қадар ходимларга уйдан ишлашни маслаҳат бермоқда.