Эрдоған Швециянинг НАТОга киришини маъқуллади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашга рози бўлди, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.


Эрдоған Вилнюсдаги НАТО саммити арафасида Столтенберг ва Швеция Бош вазири Улф Кристерссон билан учрашди. Алянс бош котиби келишувларни тарихий деб атади, аммо Швециянинг НАТОга киришининг аниқ санасини ҳозирча айтиб бера олмаслигини маълум қилди.


Учрашув арафасида Эрдоған кутилмаганда Швециянинг НАТОга киришини маъқуллаш учун янги шартларни илгари сурди. У “Туркия учун Европа Иттифоқига йўл очишни” талаб қилди. Биринчидан, Туркия учун Европа Иттифоқига йўл очинг, кейин эса Финляндия учун қилганимиздек, Швецияга НАТОга йўл очамиз”, — деди Туркия президенти (Reuters иқтибоси).


Эрдоған Кристерссон ва Столтенберг билан учрашувда ҳам худди шундай позицияни билдиришга ваъда берди.
Аввалроқ Эрдоған Швеция расмийларидан Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ террорчи деб ҳисоблаган Курдистон ишчилар партияси аъзоларини Анқарага топширишни талаб қилган эди. Ўтган йилги келишувнинг бир қисми сифатида Стокголм Туркияга қурол сотишга қўйилган тақиқни бекор қилишга ва терроризмга қарши қонунларига ўзгартиришлар киритишга рози бўлган эди. Июн ойида Швеция ҳам Туркия суди томонидан 4 йилу 7 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган РКК тарафдори экстрадициясини маъқуллади.


Швеция ўтган йили Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Финляндия билан бирга НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган эди. Анқара ва Стокголм ўртасида келишувга эришишдаги қийинчиликлар туфайли Финляндия мустақил равишда блокка қўшилди ва шу йилнинг апрел ойида алянснинг тўлиқ аъзоси бўлди.