Бугун (17 июль) соат 10:00 да жамоатчилик фикри орқали ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга мўлжалланган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-мавсуми бошланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборотига кўра, жараён одатдагидек уч босқичдан иборат бўлади.
Биринчи босқичда фуқаролар лойиҳаларни шакллантиришлари керак ва бунга 17 июлдан 6 августгача вақт берилади.
Иккинчи босқичда лойиҳалар махсус комиссия томонидан сараланади. Бу жараён 6 августдан 26 августгача давом этади.
Учинчи босқичда лойиҳаларга овоз берилади, бунга 26 августдан 15 сентябргача муддат белгиланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги мавсум учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 1 триллион сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши кутилмоқда. Вазирлик ахборотида мазкур маблағлар миқдори мавсум якунига қадар ортиб бориши келтирилган.
Биринчи босқич қандай ўтганди?
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида қарийб 16 миллион нафардан ортиқ одам лойиҳаларга овоз берган. Бу ўзбекистонликларнинг 45 фоизи дегани. Биринчи мавсумда аҳоли томонидан йўл, сув, электр, мактаб, боғча ва шифохоналарни яхшилашга 33 минг 680 та лойиҳа таклифлари овозга қўйилган. Якуний натижаларга кўра, шундан 1 минг 666 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Мазкур лойиҳаларда келтирилган ташаббусларни амалга ошириш учун 1,6 триллион сўм маблағ йўналтирилган.
Бош прокуратура “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг биринчи мавсумида тасдиқланган лойиҳаларни амалга ошириш учун йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши назоратга олинганини хабар қилган.
Аввалги мавсумда айрим фуқароларни, хусусан, ўқитувчи ва бошқа касб эгаларини овоз беришга мажбурлаш ҳолатлари кузатилаётгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Кейин президент Шавкат Мирзиёев ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Қарорга кўра, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади. Овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.
“Менинг йўлим”
Ҳукумат томонидан 2023 йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнига жами 8 триллион сўм маблағ ажратилиши айтилган. “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумидан сўнг, май ойида мазкур лойиҳа доирасида “Менинг йўлим” лойиҳаси ташкил этилди.
Туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтирилишини таъминлаш мақсадида тайёрланган лойиҳанинг ушбу мавсуми учун республика бўйича 10 минг 317 та ташаббусли таклиф келиб тушган. 27 апрелдан 7 май кунига қадар давом этган овоз бериш жараёни натижаларига кўра, 517 та лойиҳа ғолиб деб топилган.
Овоз бериш жараёнида республика бўйича 8 миллион 93 минг 918 нафар фуқаро фаол иштирок этган. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, ушбу жараёнларда энг кўп ғолиб лойиҳалар Тошкент вилояти (55 та), Қорақалпоғистон Республикаси (54 та), Самарқанд (40 та) ва Андижон (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. Ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш учун республика бўйича 412,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Умуман олганда, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси Ўзбекистонда илк бор 2021 йилда эксперимент сифатида бошланган. Дастлабки жараёнда аҳолидан 1 минг 100 та таклиф тушган бўлса, ҳозир бир куннинг ўзида шунча ташаббус билдирилмоқда.