Сурхондарё ҳокими уч нафар амалдорни лавозимидан олди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов уч нафар амалдорни лавозимидан олди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, вилоят раҳбари қурилиш соҳасидаги ишларни муҳокама қилган.

“Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда ижро интизоми, қурилиш соҳасида йўл қўйилган камчиликлар, мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди. Президент Фармон ва қарорлари, топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, йиғилиш баёнлари ҳамда ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида берилган топшириқлар ижроси таҳлил қилиниб, ижро интизомига қатъий риоя қилмаганлиги, топшириқлар ижросини тўлиқ таъминламаганлиги учун вилоят ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари огоҳлантирилди”, — дейилади ҳокимлик маълумотида.

Йиғилишда қурилиш соҳасида йўл қўйилган камчиликлар кескин танқид қилинган.

“Аниқланган камчиликларни бартараф этмаган, ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун ‘Ягона буюртмачи хизмати’ ДУК директори, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Минтақавий йўлларни қуриш буюртмачи хизмати ДУК Сурхондарё филиал директори ишдан олинди, шунингдек ишидаги камчиликлари сабаб ‘Сурхондарёсувқурилишинвест’ давлат унитар корхонаси директори Салим Авазовни ҳам лавозимидан олиш бўйича юқори турувчи ташкилотга таклиф берилди”, — дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов.


Қўшимча қилинишича, йиғилишда кун тартибидаги барча масалалар танқидий таҳлил қилиниб, масъулларнинг ахборотлари тингланган. Йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш бўйича муддат ва вазифалар белгилаб берилган.

Улуғбек Қосимов 2023 йилнинг май ойида ҳудудларга ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлари бажарилмагани, “Ijro.gov.уз” тизими орқали ижро учун юборилган топшириқларнинг бажарилиши назоратдан чиққани учун барча ўринбосарларига огоҳлантириш берганди. Бир нечта мансабдорларга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаганди.