Тошкент шаҳри Сергели туманидаги «Автобуслар саройи»дан бирида ҳайдовчи бўлиб ишловчи эркак калтаклангани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат жорий йилнинг 12 июль куни содир бўлган. Жабрланувчининг аёли эса воқеани қуйидагича изоҳлади:
«Ҳозир аҳволи яхши, шифохонада ётибдилар. Операция қилинди. Ҳаттоки итга ҳам бундай муомалада бўлмайди. Хўп, ёқмаса гараждан бўшатиб юборгин, демайдими? Менинг ҳам 3 та болам бор. Ҳеч ким болаларим ҳақида сўрагани йўқ. Улар шунақа дўппослаган-ки, йиқилган ҳолатида ҳам яна урган».
4-автобус саройи ҳуқуқшуноси эса ҳайдовчининг корхона ҳудудига ўзининг шахсий масаласи юзасидан ички тартиб қоидаларига риоя қилмаган ҳолда келганлигини маълум қилди.
«Техник муҳандисимиз у билан суҳбатлашаётганда ўзаро жанжаллашиб, ҳақоратлаган. Ҳайдовчимиз муҳандисимизни шахсий транспорт воситасига ўтказиб, корхона ҳудудидан ташқарига олиб, чиқиб кетган. У ерда нима бўлгани бизга номаълум. Маълум вақтдан сўнг қайтиб келиб, ҳайдовчимизнинг акаси ва уларнинг бир нечта танишлари маст ҳолатда келиб, муҳандисимизни ҳам ҳақоратлаган».
Таъкидланишича, муҳандиснинг ҳам жанжал оқибатида тиши ва бурни синган. Ҳайдовчининг аёли эса турмуш ўртоғи ўша куни ичмаганлигини, раҳбарият камерадаги ёзувларни кўрсатмаганлигини ва калтаклашни ўрнига огоҳлантириб, ойлигидан олиб қолиши кераклигини таъкидламоқда.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Фуқарога етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.