Қўшма Штатлардаги илғор клиникалардан бирида жаҳон тиббиёт амалиётида биринчи марта робот технологияси ёрдамида жигар трансплантацияси ўтказилди.
Олтмиш ёшли бемор гепатит C туфайли келиб чиққан жигар циррози ва саратон касаллигидан азият чекаётганди.
Операцияни деярли тўлиқ робот-жарроҳнинг ўзи уддалади. Бош хирург эса “темир шифокор” нинг ҳаракатларини яқин атрофдаги консолдан назорат қилиб турди.
“Транплантация муваффақиятли ўтди, — дейди жараёнга бошчилик қилган мутахассис доктор Одил Хон. — Муҳими, кўчириб ўтказилган жигар дарҳол ишлай бошлади ва бемор ҳеч қандай асоратларсиз дардидан халос бўлди”.
Мазкур клиникада ўтган қисқа даврда робот технологияси ёрдамида 30 дан ортиқ буйрак трансплантацияси ва ўт йўллари, ошқозон ости бези ҳамда ошқозон билан боғлиқ бошқа юқори технологик муолажалар муваффақиятли амалга оширилди.
Аммо экспертлар “ақлли қурилма” томонидан бажарилган жигар кўчириб ўтказиш амалиётини муҳим воқелик деб эътироф этмоқда. Чунки анъанавий усулда бу ўта мураккаб операцияни бажариш учун қорин бўшлиғида 10 ва 40 сантиметрлик иккита кесма ҳосил қилинади.
Робот технологияси учун эса 1,5 ва 15 сантиметрдан иборат кичик кесма етарли. Бу эса жароҳатларнинг тез битишини таъминлайди.