Қонунга зид равишда тадбиркорлик қилаётган олти мансабдор номи очиқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қонун ва қонуности ҳужжатларига зид равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган 6 нафар мансабдор бўйича маълумот берди.

Унга кўра:

  1. Миллий антидопинг агентлиги директори А.Садиков “Total Oil” МЧЖ;
  2. “Ахборотлаштириш Бош маркази” ДУК раҳбари Д.Сариходжаев “Musammo” МЧЖ;
  3. Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими С.Носирова “Sabina Issiq Nonlari 777” ва “Ko‘mir Sanoati” МЧЖлар;
  4. Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими У.Файзиев “Zarafshan Golden Group” ва “Zarafshon Grand Invest” МЧЖлар, “Ғани Бобо Чорваси” фермер хўжалиги;
  5. Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокими А.Сайфутдинов “Sanico Group” ва “Uv-Maks” МЧЖлар;
  6. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раҳбари Б.Шарипов “Каромат Ойижон-Сурхон” фермер хўжалигида таъсисчи сифатида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича мазкур давлат органлари ва уларнинг юқори турувчи идораларига Антикоррупция агентлиги томонидан тегишли тақдимномалар киритилган. Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига барҳам берилиши, яъни мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектларидаги фаолияти тугатилиши чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.