Сирдарёда ҳокимларга Tracker олиши учун маҳаллий бюджетдан 4 млрд сўм ажратилди

Сирдарёда вилоят ҳокимининг ўринбосарларига ҳамда туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та Tracker автомашинаси сотиб олиши учун 4 млрд сўм ажратилди.

Бу ҳақда E-qaror платформасида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг VI-52-98-9-0-К/23 рақамли қарори эълон қилинди. Ҳужжатда баъзи сарф-харажатлар учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йилда шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан 7,6 млрд сўм маблағ йўналтирилиши қайд этилган.

Иловада ажратилган маблағлар нимага сарфланиши келтириб ўтилган. Жами маблағдан 4 млрд сўми вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та Tracker автомобили харид қилишга ишлатилади.

Очиқ манбаларга кўра, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда барча туман ва шаҳар ҳокимликлари тасарруфида жами 107 та машина бор.