Бахрам Маматмуратович Мансуров Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом») директори этиб тайинланди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Бу лавозимга тайинлангунга қадар 2018 йилдан буён «Ўзатом» раҳбарининг ўринбосари, кейин эса биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаб келган.
Бахрам Мансуров Украинанинг Ивано-Франковск нефть ва газ институтини нефть ва газ конларини ўзлаштириш технологияси ва комплекс механизацияси мутахассислиги бўйича тамомлаган.
1992−1998 йилларда «Шўртангаз» газ конини бошқариш бошқармаси оператори, муҳандиси, бошлиғи, 1998−2001 йилларда бош мутахассис, қурилиш ишларини мониторинг қилиш, ишга тайёрлаш ва ишга тушириш гуруҳи раҳбари лавозимларида ишлаган.
2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ва ягона техник сиёсатни юритиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2017−2018 йилларда «Ўзтрансгаз» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари — бош муҳандиси бўлган.
Илхом Анварович Ниматуллаев Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.
У аввал Энергетика вазирлигининг Методика ва лицензиялаш бошқармаси бошлиғи, унгача эса Энергетика вазирлигининг Электр тармоқларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, Вазирлар Маҳкамасида бош мутахассис лавозимларида ишлаб келган.