Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган глобал чора-тадбирлар натижасида сўнгги 15 йилда кашандалик кўрсаткичлари бутун дунё бўйича сезиларли даражада камайди.
“Акс ҳолда, ҳозирга келиб, сайёрамизда чекувчилар сони 300 миллион нафардан ортиб кетган бўларди”, — дейилади ҳужжатда.
Масалан, айни пайтда жаҳон мамлакатларининг деярли 40 фоизи ёпиқ жамоат жойларида чекишни бутунлай тақиқлаган.
Шунга қарамай, тамаки ҳануз дунё бўйлаб олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатларининг асосий омили бўлиб қолмоқда. Яъни ушбу иллат оқибатида йилига 8,7 миллион одам ҳаётдан кўз юмаётгани ачинарли.
Ваҳоланки, “тамаки эпидемияси”ни жиловлаш учун махсус чора-табдирлар, стратегик мақсад ва аниқ тавсиялар ишлаб чиқилган.
Бироқ ЖССТга аъзо 44 мамлакат ҳамон бу борадаги ҳимоя чораларини амалиётга татбиқ этгани йўқ. 53 та мамлакатнинг тиббиёт муассасаларида чекишни тўлиқ тақиқловчи ҳуқуқий асослар яратилмаган.
Шунингдек, хусусий сектордаги иш жойлари ва ресторанларда тамаки маҳсулотлари истеъмолини чекловчи чора-тадбирлар дунё мамлакатларининг қарийб ярмида жорий этилмаган.
Энг ёмони, тамаки тутуни пассив чекувчилар, яъни ён-атрофдаги инсонлар ҳаётини ҳам заҳарламоқда. Худди шу омил йилига 1,3 миллионга яқин кишининг ўлимига сабаб бўляпти.
Қолаверса, қатор давлатларда бундай маҳсулотлар реализацияси ва рекламаси тартибга солинмагани ҳам чекувчилар сони ортишига туртки бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йил қабул қилинган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги янги Қонунга кўра:
Ўзбекистон ҳудудига чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, жумладан, никотинли снюс, чайналадиган тамаки ҳамда никотинли ширинликларни олиб кириш ва сотиш тақиқланади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини кўрсатиш ва очиқ намойиш қилишга йўл қўйилмайди.
Савдо автоматлари орқали, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жавонларидан, электрон тижорат кўринишида, масофавий савдо орқали, шунингдек, кўчма савдо орқали, болалар товарлари сотиладиган биноларда, ўйинчоқлар, ширинликлар ва бошқа болалар маҳсулотларига тақлид қилинганда, 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва ушбу ёшдаги шахслар томонидан сотиш ман этилади.