Ўзбекистон мактабларида бир ўқувчи учун йилига 4,5 миллион сўм сарфланмоқда. Бу ҳақда 31-июл куни АОКАдаги матбуот анжуманида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев маълум қилди.
Усмон Шарифхўжаевнинг айтишича, хусусий мактабга киши бошига ойлик тўланадиган пул давлат мактабида бир ўқувчи учун бир йилга ажратилади.
“Хусусий мактаб, бу бозор. Ойлик тўлови 3 миллион сўм ҳам, 5 миллион сўм ҳам бўлиши мумкин. У ерга ҳеч кимни мажбуран жўнатилмайди. Суммани ҳам ота-она ўз хоҳиши билан тўлайди. Ҳозирда жами хусусий мактабларда таҳсил олаётган болалар салмоғи умумий ўқувчилар сонининг 1 фоизига ҳам етмайди. Шароитларга келсак, айрим хусусий мактабларнинг киши бошига ойлик тўлови 5 миллион сўм. Албатта, бундай мактабни шароити яхшироқ бўлади. Аммо таълим сифати баҳсли масала. Чунки болалар хусусий мактаблардан давлат мактабларига қайтаётган ҳолатлар ҳам бор. Ҳамма хусусий мактабда таълим сифати бир хил деб айта олмаймиз. Лекин шароити яхшироқ бўлиши табиий. Чунки ота-она боласига ойига 5 миллион сўм тўласа, давлат бир ўқувчига йилига 4,5 миллион сўм ажратади. “Давлат буджети тўғрисида”ги қонун бор. Унда бизнинг тизимга ажратилган сумма кўрсатилган. Масалан, жорий йил учун умумий ҳисобда бизнинг тизимга 30 триллион сўм ажратилиши белгиланган”, — деди вазир ўринбосари.
Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда 10 минг 296 та мактаб ва 29 минг 420 та боғча мавжуд бўлиб, жами 8 миллион нафарга яқин ўқувчи ва тарбияланувчилар қамраб олинган. Уларга 700 минг нафар педагоглар таълим ва тарбия бериб келмоқда. Кузда бошланадиган янги ўқув йили учун мактабларга жами 732 минг нафар бола қабул қилиш режалаштирилган.